Муталхўжаев Отабек Оловиддинович 1984 йилнинг 18 июлида Тошкент шаҳрида туғилган, маълумоти олий — Тошкент давлат техника университетининг нефть ва газ факультетини битирган. 2007 йил «Ниҳол» мукофоти совриндори бўлган.
— Ёшликдан санъатга бўлган қизиқишим катта. Ўқишни битириб, маълум бир вақт ўз соҳам бўйича ишлаб, унда ютуқларим бўлиб, мансаб поғонасидан кўтарила бошлагач, бирданига санъат йўлини танлаганимда, албатта уйдагиларим тарафидан қаршиликлар бўлган. Ота-она барибир, ўз фарзандининг келажагини ўйлайди, фарзандда қандай хоҳиш-истак бўлмасин, ёшлик, ўткинчи деб қаралиши мумкин. Ҳозирги кунда ривожланаётган нефть ва газ соҳаси бўйича ўқишга киришимни хоҳлашган. Ўқишга кирдим, бу билан биргаликда ёқилғи қуйиш шахобчасида оператор, кейинчалик навбатчи уста бўлдим, 3-4 йиллик кейинги фаолиятимда мансаб тарафлама кўтарилдим ҳам. Кейин шундай бир вазият бўлдики, менга санъатда ўзимни синаб кўриш имконияти туғилди. Шунчалик қизиқиб кетдим-ки, ишлаётган соҳам ҳам қизиқтирмай қўйди. Хаёл фикрим болаликдан қизиққан, интилган, исталган орзуимга етишиш эди. Ишдан бўшадим… Институтни тамомлаб санъатга берилиб кетдим. Кўпроқ бунга Шуҳрат акам сабабчи, деб ҳисоблайман.
— Акангиз санъаткорми?
— Йўқ, улар санъат шинавандаси. Мендаги интилиш, ҳаракатимни кўриб, «Ҳаракат қилиб кўр, қани, ижроингни кўрайлик-чи, синаб кўрамиз, агар биринчи қўшиғинг муваффақиятли чиқса, ўзим ҳомийлик қиламан», дедилар. Кейинчалик эса ака-укадек муносабат эмас, «деловой партнёр» бўлдик.
— Кимдир санъатга пулни деб қадам қўйса, сиз мансаб ва яхши ойлик бўлиши кутилган соҳадан воз кечибсиз. Нима учун ўзингиздаги иқтидорни сезган бўлсангиз бошиданоқ ўқишга топшириб, ишлаб юрдингиз? Ўшандаёқ ҳаракат қилмадингиз?
— Тўғрисини айтсам унда кўзим етмаганди. Ҳеч ким қўллаб-қувватламаганди-да. Ҳамма фақат орқага қайтарарди, «Санъатга кириб сен ҳеч ким бўла олмайсан», деб.
— Айнан санъатнинг нимасига қизиқардингиз?
— Қўшиқ куйлашга. Актёрликка. Раҳматли бувам Файзулла Муталхўжаев ҳаваскорлик театрида актёр бўлганлар. «Тоҳир ва Зуҳра» спектаклида Тоҳир ролини ижро этганлар. Кўплаб роллар хусусида бизларга кичиклигимизда гапириб берардилар. Дутор чалиб, бизларгаям ўргатардилар. Ўшандан қизиқиш бўлиб қуйилиб борган мияга. Қонда бор деса ҳам бўлади. Дадам ҳам маълум даражада санъаткор десам бўлади-ю, лекин, баъзи сабабларга кўра танила олмаганлар. Лекин жудаям овозлари ўткир, раҳматли бувамнинг овози ҳам жуда кучли бўлган. У пайтларда саҳнада қўшиқларни жонли ижро этишарди. Халқ хизматида юришган.
— Янги йил байрамига тайёрланган «Оловиддиннинг янги саргузаштлари» фильмида Оловиддин ролингиз билан машҳур бўлдингиз. Танилиш жудаям тез бўлгандек, чунки дарров бундай катта лойиҳада бош ролни ўйнаш, яна устоз санъаткорлар билан...
— Кўпчилик билмаганлар санъатга кино соҳасидан кириб келди, деб ўйлайди, лекин, кенг оммага аввал қўшиқ куйлаб чиққанман. Абдулҳамид Чўлпон тарафидан 1918 йили ёзилган «Ойдан-да гўзал» шеърини биринчи қўшиғим сифатида лирик эстрада йўналишида 2005 йилда куйлаб чиққанман. Унга клип ҳам суратга олинган. «ТВ-Марказ» канали эндигина очилган эди, кунига икки маҳалдан бир ойча эфирда «айлантирилган». Бу қўшиқ халққа жудаям танилиб кетмаган бўлса-да, кўпчилик айнан шу қўшиқ орқали мени танишди. Бу қўшиқ кўпчиликка манзур келган, сўзлари ҳам маъноли. Ўша пайтлар маъно тарафлама саёз қўшиқлар кўпайиб кетганди. Мен жиддий ва оғир қўшиқ билан саҳнага чиқдим. Ва биринчи қўшиғим билан назарга тушганимдан хурсандман. Акам «Биринчи қўшиғинг ҳаётингни белгилайди, агар шу қўшиғинг менга ёқса, сени ҳеч ким қўллаб-қувватламаса ҳам ўзим ёрдамлашаман», деган. Ўша студияда шу қўшиқ тугаётган маҳал акам қўшиқни тинглаб, «Бўлди, энди сен билан ака-ука эмасмиз, буёғига бирга ишлаймиз», дедилар. Кинога қадам қўйишимга Феруза Нодирова сабабчи бўлганлар. Биринчи қўшиғим эфирда бўлганида мени кўриб қидирган экан. Мен ҳам у киши билан ишлашни орзу қилганман. Ёдгор Мирзажонов билан биргаликдаги ютуқлари, газета, радио, телевидениедаги интервьюларини кўриб бориб, ҳавас қилардим. «Қанийди менда ҳам шундай продюсер бўлса, қийинчиликлардан ўтиш осонроқ бўларди», деб ўйлардим, чунки ҳозирги замонавий шоу-бизнесда продюсерсиз ишлаш қийин.
Шундай қилиб, у киши билан танишиб, кейин ҳамкорликда иш бошлаб юбордик. Ўша пайт «Оловиддиннинг янги саргузаштлари» мусиқий лойиҳа ўйлаб қўйилган экан. «Бош қаҳрамонни сен ўйнайсан, бу яхшигина реклама бўлади, кинода рол ўйнашга ҳам қизиқишинг бор экан, бу бир имконият», дейишди. Бошида қўрқдим. «Мен бу ролни ижро қила олмасам керак, ҳеч қандай театр ва актёрлик дарслари олмаган бўлсам», дедим. Ичимда эса жон-жон деб турибман, қизиқиш кучли. Феруза опа «Йўқ, бу имкониятни қўлдан бой бермайсан, фойдаланиб қол», деб қўллаб-қувватлаганлар.
— Умуман бошқа соҳа вакили бўлиб, қўшиқ куйлаб, бирданига актёрликка қадам қўйиш... Барчаси бирданига ва тезликда. Ваҳоланки на назария, на тажриба бор, шунчаки ички хоҳиш, истак. Кимдир сиз билан актёрлик маҳорати бўйича ишладими?
— Менга ҳамма ёрдам берди. Шу лойиҳада иштирок этаётганларнинг ҳаммаси ёрдам беришди. Менга иш жараёнининг ўзида яқин бўлиб кетишди, ҳамманинг ёрдами билан киришиб кетиб, «очилиб» кетганман. Албатта ўтган кунимдан ҳеч қачон афсусланмайман, лекин барибир ўша ролимдан тўлақонли қониқдим, дея олмайман. Ҳозир ўша ролни ўйнаганимда пухтароқ ўйнаган бўлардим, чунки бугунги кунга келиб тўртта фильмда суратга тушган бўлсам, булар «Оловиддиннинг янги саргузаштлари», «Сеҳрли узук», «Сирли сиртмоқ» фильмлари. Янги «Лола» фильмида ҳам рол ўйнаяпман. Мелис Абзалов кўп нарсага ўргатдилар. Уларнинг «Сирли сиртмоқ» фильмида рол ижро этдим. Шу фильмда кўпроқ чархландим.
Суҳбатга продюссер Феруза Нодирова қўшилди:
— Отабекнинг ички хоҳиш истаги, интилиши кучли. Мен продюсер сифатида ёрдам бермаганим билан, барибир иқтидор ўзини намоён қиларди. Биз шунчаки туртки бўлдик. Доим нимадир сабабчи бўлади-ку, агар ўзида истеъдод бўлмаса, қандай қилиб?
— Ўзингизни кўпроқ актёр деб ҳисоблайсизми ёки хонанда?
— Тўғрисини айтсам, ўзимга хонанда дея таъриф бера оламан. Чунки айнан хонандалик ортидан актёрликка кириб келдим. Агар хонанда бўлмаганимда ҳеч қачон актёр бўла олмас эдим, деб ўйлайман. Ўз устимда қаттиқ ишладим, дея оламан. Вокалдан дарс олдим. Эстрада ва цирк коллежига (Юнус Тўраевдан дарс олгани) қатнадим. Шунда у киши «Мана, ҳафтада дарсга уч маротаба, олти ой давомида қатнаган бўлсанг, бу ердаги тўрт йил таҳсил олган болалар билан таққослаганда сендаги иштиёқ ва интилиш кучли эканлигини сездим», дедилар. Ўйлашимча, тажриба катта мактаб, дея оламан. Бу ўз устимда ишлашим учун катта дарс бўлди. Устоз кўрмаса бўлмас экан.
— Кейинчалик ўз иқтидорингизни бирон бир санъатга тааллуқли маълумот билан тўлдириш ниятингиз борми?
— 2007 йилда «Ниҳол» мукофоти совриндори бўлганимдан сўнг имтиҳонсиз олийгоҳга кириш имконияти очилди. Бу йил шуни амалга оширмоқчиман, Консерваторияда ўқиш ниятим бор.
— «Қассоб қассоблигини қилгани яхши» деган фикр борасида кўпчилик санъаткорлар билан баҳслашишга тўғри келди. Сиз бу фикрга қандай ёндошасиз?
— Мен юрагим буюрган ишни қиламан. Қизиқдимми, демак бажараман. «Иккисига улгура олмайсан, актёрликни нима қиласан, одам бир ишни қилгани яхши, инсон бир жойда кўкаради», деган маслаҳатлар ҳам бўлди. Мен эса, «Иккиси ҳам санъат доирасидаги фаолият», деб жавоб беряпман. Майли менга қийин бўлсин, лекин иккиси ҳам бир санъат ва санъатга иштиёқим борми, демак иккисининг ҳам уддасидан чиқаяпман.
— Ўзингизни ижодкор деб ҳисоблайсизми?
— Ҳисоблайман.
— Унда ижод намуналарингиздаги ҳиссангиз неча фоиз?
— Ўзимга ўзим баҳо бера олмайман, лекин, баъзи санъаткорлар қўшиқнинг тайёрини кўчириб айтгани билан, мен шу пайтгача 12 қўшиқ куйлаган бўлсам, уларнинг биронтаси кўчирма эмас. Ҳаммаси роялнинг тепасида туриб ижод қилиниб, изланиб яралган қўшиқлар. Бу нисбатан таққослаш, фоизга келсак, даража сифатида ўлчаб айта олмайман-у, лекин ҳар бирида ўз ҳиссам бор. Шоир ва бастакорларнинг ҳиссаси катта, менга мослаб тайёрлашади.
— Фильмларда талқин этган қаҳрамонларингизнинг қай бири ҳаётда Сизга яқинроқ?
— Ҳеч қайси бири. Фақатгина «Оловиддиннинг янги саргузаштлари» фильмидаги қаҳрамонимнинг самимийлиги, ҳеч кимга ёмонлиги йўғлиги, соддалиги, фақат яхшилик тарафдори эканлиги яқинроқдек.
— Янги суратга олинаётган «Лола» фильми ҳақида нималарни айта оласиз.
— Фильм кучли руҳий жанрида бўлиб, унда жудаям мураккаб бўлган Акром қаҳрамонини талқин қиляпман. Фильмдаги руҳий кечинмаларга кира олдим ва кўз ёшларим ҳам табиий бўлди. Фильмдаги мураккаб каскадёрлик трюкларининг аксариятини ўзим ижро этдим. Бу трюкларни моҳир усталар ёрдамида улардан дарс олиб ижро этдим. Фильмдаги ҳамкорим Азиз Раметов.
— Тўғри, лекин, қийинчиликларни татиган инсонда ҳам дард ва нола бўлади. Мен ижодимдаги ҳиссиётни ортда қолган баъзи қийинчиликлар билан бойитсам керак. Севги ҳаётимда бўлган, лекин, «ўлдим-қолдим» деган муҳаббатга мубтало бўлмаганман.
— Отабек нималардан илҳомланади?
— Яхши фильм ва мусиқалардан.
— Нималар ғазаблантиради? Ажаблантиради ва қувонтиради?
— Иккиюзламачилар. Ҳаётда мансаб, обрў ва омад бўлганда олдингизда бўлиб, қийинчиликларга дуч келганингизда йўқ бўлиб кетадиганлар ва орқадан керак бўлса пастликка итариб юборадиганлар, ўз манфаати орқасидан ёмонликкача борадиган инсонлар ҳам ғазаблантиради, ҳам ажаблантиради. Бундай ҳолатларга ҳаётим даврида ҳам, ижодим давримда ҳам дуч келдим. Қувонтирадиган ҳолатлар барча яхшиликлардан иборат нарсалар, мухлислар олқиши, инсонларнинг ижодимга ижобий муносабати.
— Мансаб, пул ва самара, қай бири муҳимроқ?
— Албатта самарани биринчи ўринга қўяман. Чунки, самара бўлса қолгани бўлаверади.
Мазкур интервьюдан хулосам ўзим кутмагандек ижобий бўлди. Чунки Отабекнинг ёшига хос бўлмаган чуқур ва теран фикрлаши, жавобларидаги яққол сезиладиган билим ва дунёқарашининг бойлиги қувонтирди. Қани энди ҳозир «болалаб» кетган янги «юлдузлар» ҳам нафақат ўз кўринишига урғу бериб «ижодкор» бўлиб кетавермасдан, билим ва фикрлаш қобилиятларини ҳам чархлаб туришса.