САВОЛ: — Бугунги кунда динни ўрганиш мақсадида ҳар ким турлича савол беради. Савол беришнинг ўзига хос одоб ва қоидалари борми?
ЖАВОБ: — Савол сўрашнинг ҳам ўзига яраша одоб-аҳлоқлари бор, исломий қоидалари бор. Шунингдек, фатво сўровчи кишиларга макруҳ бўлган, яхши кўрилмаган, беодоблик саналадиган ҳолатлар ҳам бор.
Диний масалада савол сўровчи кишилардан талаб қилинадиган ёки уларга макруҳ ҳисобланган нарсалардан бири кўп савол сўрашдир. Бўлган-бўлмаган нарсани такрор-такрор сўрайвериш одобдан эмас. Динда фойдаси йўқ нарсаларни, беҳуда нарсаларни сўраш ҳам макруҳ ҳисобланади. Баъзи пайтларда умуман на динга, на диёнатга, на бу дунёга, на охиратга фойдаси йўқ нарса ҳақида сўрашаверади. Ўзининг ҳам, олимнинг, жамоатнинг ҳам вақтини, зеҳнини беҳуда сарфлашга мажбур қилишади.
Макруҳ нарсалардан яна бири воқеликда йўқ нарсани сўраш. Ўзи йўқ, бўлиш эҳтимоли ҳам қийин, лекин шуни савол қилиб сўралади. «У бўлса нима бўлади, бу бўлса нима бўлади?» деб. Бундай саволларни бериш ҳам макруҳ.
Қийин масалаларни сўраш. Масала ниҳоятда қийин, сўровчи ўзи ҳам тушуниб ета олмайди. Жавоб бериш ҳам қийин, берилганда ҳам кўпчилик англамайдиган масалаларни сўраб ўзини ҳам, бошқаларни ҳам тушуниб бўлмайдиган нарсага овора қилиш ҳам макруҳ.
Тааъббудий нарсаларнинг ҳикматини сўраш. Масалан, «Нима учун бомдод намозининг фарзи икки ракаат, пешинники тўрт ракаат?» ёки «Нима учун намозда икки марта сажда қилинади?» деб сўрашади. Диний аҳкомлар бу маънода иккига бўлинади. Бир бўлагининг ҳикматлари бор, сўраса бўлади, яхши тушунишга ёрдам беради. Иккинчиларининг ҳикматини ҳеч ким билмайди, бундай нарсалар «тааъббудий» нарсалар дейилади. Ибодат учун шариатда буйруқ келганлиги учун амал қилинаверади, ҳикматини сўраб ўтирилмайди. Аллоҳ ибодат тарзида амр қилган, бажарамиз. Ҳикматини Аллоҳнинг ўзи билади.
Саволда ҳаддан ташқари чуқур кетиш макруҳ. Баъзи одам ўзини илмли қилиб кўрсатиш учун савол сўрайди. Кўпчиликнинг ичида улар билмайдиган бир нарсани сўрайди. Одамлар «Бу шундай катта нарсани сўраяпти, анча илми бор экан шекилли?» деган гумонга боришларини яхши кўради. У одам асли бу саволни бировдан эшитиб олган, лекин ўзининг билганини билдириш учун сўрайди.
Жавобини олган саволни бошқа бировдан сўраш ҳам ниҳоятда беодоблик. Баъзилар ўзи бир ишни қилиб қўйган, шуни оқламоқчи бўлиб юрибди. Ёки қилмоқчи-ю, шунга йўл топиш ҳаракатида. Бир олимдан сўрайди, у хоҳлаган жавоб чиқмай тескариси чиқади. Бошқа бир олимдан сўрайди, у ҳам шуни айтади. Лекин сўровчи ўзига мувофиқ, ўзининг хоҳишига тўғри келадиган жавобини олмагунча бошқалардан такрор-такрор сўрайверади. Бу ҳам беодоблик. Енгил фатво берадиган одамни излаб «Фалончига айтсак бўлади дейди, бориб сўрайлик, бўлади деб қўйсин, кейин қиламиз», деган маънода енгилтаклик қилиш ҳам нотўғри. Аллоҳдан қўрқадиган, ҳақиқатни айтадиган кишилардан сўралса яхши бўлади.
Баъзан савол берувчи ўзини яширади, кимлигини билдирмайди. Ана шунда кўпгина англашмовчиликлар келиб чиқади. Кўпчилик исми-шарифини айтиб, ўзини таништириб ўтиб, савол беради, бу жуда яхши, лекин баъзилар шу нарсани ўзларига эп кўрмайдилар. Баъзилари қасддан исми-шарифини, кимлигини яширади. Одатда бундай одамлар кўпроқ фитнали саволларни беришга одатланган бўлади. Аслида савол берувчи ким эканлиги маълум бўлса жавоб берувчи кишига осонлик бўлади. Савол берувчининг шахсига қараб жавоб бериш мумкин бўлади. Чунки бир масалани ёш одам сўраса унга мослаб, кекса одам сўраса бу масалага қариялар нуқтаи назари билан қараб жавоб бериш керак бўлади. Эркакка алоҳида, аёлга алоҳида муомала қилинади ва ҳоказо. Шунинг учун савол берувчи ўзининг кимлигини яширмаганлиги яхши. Савол берувчи ўз исмини яширса масъулиятдан қочган ҳам бўлади.
Аҳли илм одамлар саволларга тўлиқроқ жавоб беришга ҳаракат қилади. Сўралаётган аҳамиятсиз нарсанинг орқасида катта бир аҳамиятли нарса борлигини ҳам баён қилишга уринилган бўлади. Бир мисол. Шўролар даврида «магазин гўшти» деган тушунча бор эди. Давлатнинг дўконларида, давлатнинг кушхоналарида сўйилган гўштлар арзон нархда сотилар эди. Мусулмонларда бу гўшт «бисмиллоҳ» айтиб сўйилмагани учун шубҳа бор эди. Шу шубҳа туфайли «Магазин гўштини еса бўладими?», «Бу гўштининг ҳукми қандай?» деган савол такрорланаверарди. Шу савол бир масжидда таровиҳ намозида ёзма равишда берилди. Бу саволга жавоб беришда саволнинг қўйилиши нотўғрилигини айтдим. Чунки ҳайвонни қандай сўйса ҳалол, қандай сўйса ҳаром бўлишини Аллоҳ таолонинг ўзи баён қилиб берган. Саволни магазин гўшти ҳақида эмас, «Мусулмон одамга қандай гўшт ҳалол, қандай гўшт ҳаром бўлади?» деб сўралса афзал бўлар эди. «Агар Аллоҳнинг номини айтиб, шариатда кўрсатилганидек қилиб сўйилса, гўшт магазинда бўладими, черковнинг ичида бўладими ҳалол бўлади. Агар шариатга хилоф тарзда сўйилган бўлса, гўшт масжиднинг ичида бўладими, Каъбанинг ичида бўладими барибир ҳаром бўлади. Мўмин одам шариатга мувофиқ тарзда сўйилган ҳайвонларнинг гўштини емоғлиги керак», деган жавобни бердим. Эртасига бир киши телефон қилиб «Сизнинг нима ҳаққингиз бор, магазиннинг гўштини ҳалол дейишга?» деб эътироз билдирди...
Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳам саволларга жавоб бераётганларида сўровчиларнинг ҳолатига, кимлигига алоҳида эътибор берганлар. Ва баъзи-бир вақтларда сўралган нарсанинг айни ўзига эмас, балки унинг қоида, қонунига эътибор берганлар ва кўпроқ нарсани баён қилишга ҳаракат қилганлар. Бир киши «Биз денгиз сафарига чиқамиз, ўзимиз билан сув ҳам олиб юрамиз, агар у сувдан таҳорат қилсак ичгани сувимиз қолмайди, денгиз суви билан таҳорат қилсак бўладими?» деб сўради. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳа ёки йўқ демадилар-да, «Денгиз суви покиза, ўлимтиги ҳалол нарсадир», дедилар. Таҳорат тўғрисида умуман гап йўқ бу ерда. Демак суви пок дегани «пок сувга қандай муомала қилсанг шундай муомала қилаверасан, ундан таҳорат қилсанг ҳам бўлади, ғусл қилсанг ҳам бўлади, кир ювсанг ҳам бўлади, бошқа нарсаларга ишлатсанг ҳам бўлади», деганидир. Унинг устига саволдан мутлақо йироқ нарсани, «ўлимтиги ҳам ҳалол» деб денгиз ҳайвонлари тўғрисидаги умумий қоидани баён қилиб бердилар. Илмли кишилар жавоб бераётганда ана шу нарсаларга ҳам эътибор беради. Лекин баъзи тушунмаганлар буни саволга берилаётган жавобнинг нуқсони деб тушунишади, аслида эса мана шу илм. Савол бераётган илмсиз бўлганидан савол бераяпти ва саволини илмсизлик билан бераяпти. Энди илмли одам унинг даражасига тушмасдан, балки юқорироқдан ўша савол берувчининг саволида кўзлаган мақсадидан кўра каттароқ мақсадни баён қилиб жавоб бериши исломий қоидага тўғри келадиган, Расулуллоҳ (с.а.в.) таълим бериб кетган нарсалардан бири ҳисобланади.
Шунингдек, саволларнинг ҳаммасини ҳам кўпчиликнинг ичида бақир-чақир қилиб берилмайди. Алоҳида сўралиши лозим бўлган саволлар бор, жавоб кўпчилик ичида, ахборот воситасида ёки бошқа ерда айтилса савол берувчига ҳам, жавоб берувчига ҳам, мўмин-мусулмонларга ҳам фойда келтирмайдиган ҳолатлар бўлади. Бу ҳолатларни тушуниб, ўрганиб, бир-биримизга айтиб боришимиз керак. Ана шунда саволларимиз ҳам, жавобларимиз ҳам фойдали бўлади, иншооллоҳ.
Аллоҳ таоло билмаганларимизни ўзи билдирсин! Сўраб-суриштириб, динимиз аҳкомларини пухта эгаллаш ва уларга амал қилиб бориш, оқибатда розилигини топишни Аллоҳ таолонинг ўзи барчамизга насиб айласин!
|