Алишер Файзни кўзга кўринган хонанда Озодбек Назарбеков номи билан боғлашларида жон бор. Сабаби Алишер ушбу хонанданинг севимли шогирдларидан. Нафақат шогирд балки, яқин ҳамкори ҳам. Озодбек Назарбековнинг «Саҳарда», «Ойдинда чинор тагида», «Бир қулоғи чандиқ қиз» каби оммалашиб кетган қўшиқларининг муаллифи ҳам айнан Алишер Файз ҳисобланади. Бугунги суҳбатдошимиз билан бўлган суҳбатимиз одатдагидан бироз бошқачароқ яъни хонанданинг сирли одатлари-ю, ҳали очилмаган қирралари ҳақида бўлди.
— Яккахон концерт беряпсиз. Бу эса анчайин масъулият талаб қилади. Қўрқяпсизми?
— Йўқ десам алдаган бўламан. Асосийси, бир неча йилдан буён қилаган ниятларим секин аста амалга ошяпти. Ҳар қандай хонандада ҳам илк концерт бўлгани учун ҳаяжон ва қўрқув бўлиши табиий. Албатта қўрқяпман.
— Концертда қандай янгилик қилмоқчисиз?
— Ҳозир айтсам қизиғи қолмайди. Аммо мухлисларимнинг кўнглини олиш учун астойдил ҳаракат қиламан.
— Кўп қўшиқларингизни устозингиз Озодбек Назарбековга бергансиз. Эҳтимол ўша қўшиқларни ўзингиз куйлаганингизда халққа тезроқ танилган бўлармидингиз...
— Ҳунармандга шогирд тушган йигит биринчи ясаган нарсасини устозига бераркан. Менимча, бу яхши анъана... Балки бу нокамтарлик бўлар, аммо устозим томонидан айтилган қўшиқлар фақатгина Озодбек Назарбеков учун ёзилган эди. Қўшиқнинг омадли чиқиши кўп жиҳатдан хонанданинг овози, маҳорати ва тажрибасига боғлиқ.
— Ҳали ёшсиз. Қўшиқ ёзиб, клип ишлаш учун эса даромад керак. Қўшимча бирор иш билан ҳам шуғулланасизми?
— Йўқ.
— Устозингиз томонидан сизга энг кўп айтиладиган қандай сўзни эслай оласиз?
— Озод акам ҳар доим ўзингнинг йўлинг бўлсин, деб кўп гапирадилар. Чунки халқ уларнинг йўналишини кўриб бўлган, энди халққа ўз йўлим билан танилишим лозим. Очиғи, Озод акам яқин инсонимга айланиб қолган. Уларнинг ёнида эканлигимдан хурсандман.
— Аксарият санъаткорлар журналистлардан қочишади. Сизда ҳам шунга ўхшаш ҳолатлар учраб турадими?
— Бу шунчаки саволми? (ўйланиб) Очиғини айтсам интерьвю беришни яхши кўраман. Бу манманлик эмас, шунчаки журналистларни тил топишса бўладиган соҳа вакиллари деб биламан. Бу менинг самимий фикрим. Чунки ҳозир дилдан суҳбатлашадиган инсонларни топиш ҳам мушкул.
— Устозингиз билан қўшиқ ёзишдан олдин маслаҳатлашасизми ёки кейин?
— Бу гапни айтишим балки нокамтарлик бўлар, аммо қўшиқни ёзиб, ундан кўнглим тўлган тақдирдагина кўрсатаман. Ўзим ишончим комил бўлмаган қўшиқни меҳнатларимдан кечиш керак бўлган тақдирда ҳам куйламайман. Студияда қўшиқ ёзишимиз ҳам Озод акамнинг вақти билан ҳисоблашган ҳолда белгиланади.
— Бўш вақтларингизни қандай ўтказасиз?
— Ўзим қувноқман, лекин кўп ёлғиз қолишни хоҳлаб қоламан. Одамовироқман, десам ҳам нотўғри бўлмайди.
— Ёлғиз қолганда ҳам нима биландир машғул бўлиш мумкин-ку?
— Хаёл сураман. Баъзида мана шу машғулот ҳам чарчоғимни чиқаради.
— Анча кўзга кўриниб қолдингиз. Дуэт айтиш учун таклифлар бўлаётгандир?
— Таклифлар бор. Аммо айтиш учун ҳожат йўқ, менимча. Балки вақти келар, айтармиз ҳам. Ҳозирча ҳеч қачон дуэт куйламайман, деган қарорда турибман.
— Яқин кунларда ҳаётингизда қандай қизиқарли воқеа содир бўлди?
— Бу воқеага анча бўлди. Аммо ҳозир ҳам эсласам куламан. Озод акам билан Қашқадарёга концерт бериш учун бордик. Устозимизнинг гуруҳларида Машҳурбек исмли акамиз билан бизни кўп адаштиришарди. Ўша ерда Машҳурбек акам ускуналарни жойлаштириш учун ичкарига кириб кетдилар. Мен бир-икки керакли нарса учун яна ташқарига чиқдим. Кейин мени мухлислар чақириб қолишди. Хаёлимга ҳозир булар ё дастхат олишади ёки суратга тушишади, деган фикр келди. Борсам, «Ҳозир ичкарига кириб кетган йигит Алишер Файзми?» — деб сўрашди. Кейин дастхат қўйдириб беришимни илтимос қилишди. Ичкарига кириб нима қилишимни билмай, туриб қолдим. Ўзим дастхат кўйиб олиб чиқиб бердим, лекин ўша одам ўзим эканлигимни айтолмадим. Шунда билдимки, санъаткордан фақат дастхат қўйиб беришни эмас, дастхат қўйдириб беришни ҳам илтимос қилишаркан (кулиб юборади).
— Кўпчилик олдида ҳам ҳеч ноқулай шароитда қолганмисиз?
— Яқинда аёлларимизга бағишланган концерт дастурида чиқиб, қўшиқ куйладим. Қўшиқ тугагандан сўнг ортимга қайтаётганимда кимдир чақиргандай бўлди. Ортимга қарамабман. Чиққанимдан сўнг гул бермоқчи бўлганлар чақиришганини айтишди. Очиғи жуда ҳижолат бўлдим. Ўша кундан буён кимнидир дилини ранжитганманми, деб ўйланаман. Афсуски, бундан вазиятларга тез-тез тушиб турамиз.
— Кун тартибингиз одатда қандай бўлади?
— Тўғрисини айтаверайми? (кулади). Кечаси жуда кеч ухлайман. Эрталаб «саҳар» — ўн иккиларда уйғонаман. Бордию барвақт бажарилиши лозим ишлар чиқса, ухламай қўя қоламан. Кундузи соат 4-5 гача бўш бўламан. Кейин хизматга тайёрлана бошлайман. Кутилмаганда қўнғироқ қилиб қолишса интервью бериш учун бораман.
САИДА суҳбатлашди.
|