 Согдиана фақат ўзбек санъатида эмас, Россия шоу-бизнесида ҳам машҳур, ўзининг бетакрор овози билан мухлислар кўнглидан жой олган хонанда. Унинг «Сердце-магнит» ва «Синее небо» қўшиқлари Россиядаги машҳур радиостанциялардан биридаги хит-парадда 20 ҳафтадан ортиқ юқори чўққини эгаллаб турди. Шу боис, Согдианага Россия шоу-бизнесидаги энг обрўли мукофотлардан бири — «Золотой граммофон»ни топширишди.
Согдиана ижодда юқори чўққиларни эгаллаш билан бирга шахсий ҳаётда ҳам бахтини топа олган ижодкорлардан бири саналади.
— Согдиана, сиз беш ойлик боланинг онасисиз, шунга қарамай, «Золотой граммофон» мукофотини олдингиз, Кремлдаги концертларда қатнашасиз, альбом чиқардингиз... Барчасига қандай улгурасиз?
— Назаримда, болам туғилгандан сўнг суткамдаги соатлар кўпайгандай! Жиддий айтяпман, куч-қувватим ортди. Соҳилидан тошиб кетяпти ҳатто! Баъзан кун бўйи шунча кўп ишларни битираманки, ўзим ҳам ажабланаман. Бу болалигимдан қолган бўлса керак. Эрталабдан кечгача ишлаш одатга айланган. Консерватория қошидаги мактабга қатнардим, ҳар куни беш-етти соатлаб фортепиано билан шуғулланардим, кейин вокал дарсларига қатнашни бошладим, концертлардаги чиқишлар ва танловлар бошланди. Мен яна расм чизишни, рақс тушишни яхши кўрардим. Фототўгаракка қатнамасдим, холос (кулади). Шунинг учун тиғиз иш жадвали мен учун сираям янгиликмас. Ҳомиладорлик пайтимда альбом ёзаётгандим, туғруқдан бироз аввал эса диск муқоваси учун фотосессиям бўлди!
— Эрингиз ижодингизга рашк қилмайдими, ишқилиб?
— Тўғрисини айтсам, у шоу-бизнесни унчалик хушламайди, лекин мени севади! Эрим саҳна мен учун қанчалик катта аҳамиятга эгалигини билади, бу даражага етишиш осон бўлмаганини тушунади. Куйлай олишимни исботлаш учун отам иккаламиз қанча танловларга бордик. Деярли ўн йилдан бери саҳнадаман. Эрим мен учун ҳам, худди унингдек, оила ҳамма нарсадан муҳимлигини билади.
— Эрингиз Рам асли ҳиндистонлик. Қандай ва қаерда танишгансизлар?
— Рам бизнес билан шуғулланади, шу туфайли ўн беш йилдан бери Тошкентда яшайди. Тошкент — менинг қадрдон шаҳрим, ўша ерда танишганмиз. Биз 2006 йил 11 январда танишганмиз. Бу санани эслаб қолишимга яна бир сабаб шуки, шу кунда эрим туғилган. Унинг таваллуд куни муносабати билан уюштирилган тантанага таклиф қилишди. Отам билан (ўша пайтда у менинг менежерим эди) залга кириб борганимизда, ҳайратда қолдик — залда фақат эркаклар йиғилганди! Ўзимча: «Туғилган кун соҳиби шунча болаларни йиққанми, ҳалигача бўйдоқ шекилли», деб ўйлаганим эсимда. Адашмаган эканман! Рам кўнглимни олишга урина бошлади, менга ғамхўрлик қилди. Ҳамма байрамларда биринчи бўлиш учун деярли ярим тунда табрикларди. Улкан гулдасталар, ёқимли совғалар берарди...
— Согдиана, қайсидир нашрда яширинча никоҳдан ўтганингизни ёзишганди. Агар бу рост бўлса, нима учун?
— Рост, тўй фақат иккимиз учун бўлган! Аввалига қаерда нишонлашни ўйладик, Тошкентдами, Ҳиндистондами ёки Москвада. Дўстларимиз шунчалик кўпки, ҳаммасини йиҚсангиз, стадион ҳам торлик қилади. Энг яқинларини танлаш — биз учун муаммо. Қолганлари хафа бўлиб қолади. Шунда иккаламиз Малайзияга учдик ва ўша ердаги ҳинд ибодатхонасида никоҳдан ўтдик. У ер гулларга кўмилганди. Эгнимда қизил ленге эди. Бу — ҳинд келинларининг анъанавий кийими. Уларда яна бир удум бор — тўй арафасида қизнинг қўлини хина билан чизиш. Олти соат давомида менга хинадан безак чизишди! Аммо жуда чиройли чиқди!
— Қизлар тўй кўйлагини бир марта кияди, сиз эса, билишимча, икки марта?
— Ҳа, мен тўй кўйлагида куйлаган«Синее небо» қўшиғи учун иккинчи «Золотой граммофон»имни олдим. Мукофот топшириш маросими Кремлда ўтди, концерт режиссёри менинг чиқишим «Болливуд» деб номланишини таклиф қилди. Ўшанда тўйим ҳақида кўплар эшитган бўлса керак, деб ўйладим... Балет гуруҳидагиларга ҳиндча услубдаги кийимлар тикишди, саҳнада ҳатто фил ҳам бўлди! Мен эса ўзимнинг тўй кўйлагимда куйлашга қарор қилдим. Тўғрисини айтсам, костюм қидиришга вақтим ҳам йўқ эди, ахир маросимдан атиги уч ҳафта олдин ўғлим Аржун дунёга келди-да. ҚизиҚи, режиссёр тўй либосим ва эрим Ҳиндистондан эканини билиб, роса ҳайратга тушди!
— Согдиана, ўзингиз Ҳиндистонда бўлганмисиз? Эрингизнинг қариндошлари қандай кутиб олишди?
— Ҳозирча улар билан фақат телефон орқали мулоқот қиляпман. Негаки, ўғлим ҳали жуда кичкина, у билан учишга чўчияпмиз. Болакай сал улғайиши билан албатта, ҳиндистонлик қариндошлар билан таништиришга олиб борамиз. Рамнинг онасида Аржуннинг сурати бор, у билан учрашишни интиқиб кутяпти. Эрим мени туғруқхонага олиб борганда, онаси қўнғироқ қилиб қолди. Соф ҳиндча суҳбат бўлди. Қайнонам уқтирди: «Эҳтиёт бўлинглар! Болани адаштириб юборишмасин!» Рам онасини тинчлантирди: «Хавотир олманг, адаштириб бўлмайди! Фақат бизники қорасоч, қолганлари оппоқ...»
— Нега тўнғичингизга айнан Аржун деб исм қўйдингиз? Ҳиндчадан таржима қилганда, қандай маъно беради?
— Бу Ҳиндистонда анча кенг тарқалган исм. Кришнанинг севимли шогирдини шундай аташарди. У жуда мард ва адолатли одам бўлган. Бизнинг ўғилчамиз ҳам шундай бўлишига умид қиламан.
— Ҳақиқий эркак қилиб тарбияламоқчи экансиз-да? Унинг келажаги ҳақида ҳам аллақачон режа тузиб қўйгандирсиз?
— Рам, албатта, меросхўри жиддийроқ иш — бизнес, сиёсат, спорт... билан шуғулланишини истайди. Мабодо Аржун актёр бўлишга қарор қилса, унчалик қувонмаса керак... Нима бўлганда ҳам, ҳали каромат қилишга эрта.
ТАРЖИМАИ ҲОЛИДАН:
Согдиана (Оксана Нечитайло) 1984 йил 17 февралда Тошкентда туғилган. 1991 йил Успенский номли республика ўрта махсус мусиқа мактабининг фортепиано синфида ўқий бошлади. Ўқиш давомида Республика ёш пианиночилар танловида иштирок этиб, мукофотни қўлга киритди (1998). 1999 йилдан қўшиқ куйлашни бошлади ва маълум ютуқларга эришди. 1999 йил Тошкентда ўтказилган «Садо-99» профессионал ижрочилар эстрада қўшиқлари телевизион танловида мукофотланди. 2001 йил илк яккахон альбоми — «Моя душа» чиқди. «Менинг ўлкам наволари» (2002 йил, Тошкент) эстрада қўшиқчилари биринчи республика танловида, «Юлдузларга йўл» (2003 йил, Санкт-Петербург) эстрада қўшиқлари ижрочилари халқаро танловида ҳам мукофотланди. Кўпгина концерт ва фестивалларда қатнашди.
Қўшиқчининг репертуари хилма-хил: хориж эстрадаси қўшиқлари, ўзбек халқ қўшиқлари, муаллифлик қўшиқлари. У қўшиқларини ўзбек, рус, инглиз, француз тилларида куйлайди. Қўшиқчининг илк альбомида Оксананинг ўзи ёзган олтита қўшиқ жамланган.
Оксана Ўзбекистон давлат консерваториясида таҳсил олган. Унинг шарқона жозибаси ўзига хос жиҳатидир.
Оксана болаликдан ота-онаси учун концерт уюштиришни яхши кўрарди: қўшиқ куйлар, рақсга тушар, шеър ўқирди.
Шиори: «Юлдузлар томон олға!»
Севимли ёзувчиси: Жек Лондон
Севимли ижрочилари: Кристина Агилера, Анастасиа, Лара Фабиан, Шакира, Валерий Меладзе, «Queen».
Болалигида ким бўлишни истаган: балерина ёки қўшиқчи.
Дўстларида қадрлайдиган жиҳати: садоқат ва меҳр.
Ёқтирган машҳурлари: Брэд Питт, Жонни Депп, Моника Белуччи, Мэрилин Монро, Фредди Меркьюри.
|